Ўзбек
Sorah Adh-Dhariyat ( The Wind that Scatter )
Verses Number 60
Чанг тўзитувчи(шамол) лар билан қасам.
Юк кўтарувчи(булут)лар билан қасам.
Осон юрувчи(кема)лар билан қасам;
Иш тақсимловчи(фаришта)лар билан қасам.
Албатта, сизга ваъда қилинган нарса ростдир.
Ва, албатта, қиёмат воқеъ бўлгувчидир.
Гўзал, мустаҳкам осмон билан қасам.
Албатта, сиз ихтилофли гапдасиз.
У(Қуръон)дан ким бурилса, (бир йўла) буриб қўйилур. (Қуръондан бурилиб, бошқа нарсани тутмоқчи бўлган, ҳеч қачон нажот топмабди. Чунки, бир йўла залолатга бурилиб қолган бўлади.)
Ёлғончиларга лаънат бўлсин!
Улар жаҳолатдаги ғофиллардир.
Улар ҳисоб-китоб куни қачон, деб сўрарлар.
Бу кунда улар оловда азобланурлар.
«Азобингизни татиб кўринг», сиз қачон бўлур? деб шошилган нарса-шу» (дейилур).
Албатта, тақводорлар жаннатлар ва булоқлардадир.
Роббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир.
Улар кечалари оз ухлар эдилар.
Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар.
Ва молу мулкларида, сўровчи ва бечораларнинг ҳақи бордир.
Ва ер юзида чуқур ишонувчилар учун белгилар бордир.
Ва ўзларингизда ҳам. Ёки кўрмаяпсизларми?!
Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор).
Осмону ернинг Роббиси ила қасамки, албатта, у(гап) мисоли сиз нутқ қилаётганингиздек ҳақиқатдир.
Сенга Иброҳимнинг карамли меҳмонларининг хабари келмадими?
Улар унинг ҳузурига кириб, «Салом» деганларида, у: «Салом, нотаниш қавмлар», деди.
Ва аҳлига бориб, (пиширилган) семиз бузоқни келтирди.
Уни уларга яқинига сурди ва: «Емайсизларми?» деди.
Улардан хавфсиради. Улар: «қўрқма», дедилар ва унга илмли ўғил башоратини бердилар.
Хотини қичқириб келди ва ўз юзига шапалоқ тушириб: «Туғмас кампир-а?!» деди.
Улар: «Сенинг Роббинг шундай деди. Албатта, Унинг Ўзи ўта ҳаким ва ўта билувчидир», дедилар.
У: «Эй элчилар! Сизнинг ишингиз надир», деди.
Улар: «Албатта, биз жиноятчи қавмга юборилганмиз.
Уларнинг устидан лойдан (пиширилган) тошларни ташлаш учун.
Роббинг ҳузурида исрофчилар учун белгилаб қўйилган(тош)ларни», дедилар.
Ва Биз у жойдан мўминларни чиқардик.
У ерда бир хонадондан бошқа мусулмонларни топмадик.
Ва у ерда аламли азобдан қўрқадиганлар учун белги қолдирдик.
Ва Мусода ҳам. Биз уни Фиръавнга равшан ҳужжат ила юбоганимизда...
У юз ўгириб, ишонгани томон юрди ва: «Бу сеҳргар ёки мажнундир», деди.
Бас, Биз уни ва аскарларини тутиб денгизга ташладик ва у маломатга лойиқ иш қилувчи эди.
Ва Одда ҳам (белги) бор. Вақтики, Биз уларга туғмас шамолни юбордик. (Одатда, шамол ёмғир ёғишига сабаб бўлади. Од қавмига келган шамол эса уларга ёмғир эмас, бало-офат, ҳалокатни олиб келган, шунинг учун унинг туғмас, яъни бефойда деб сифатланяпти.)
У қайси нарсага етиб борса, титиб ташламасдан қўймас.
Ва Самудда ҳам (белги) бор. Уларга вақтинчалик маза қилиб туринглар, дейилган вақтда...
Аллоҳнинг амридан бош тортдилар, бас, қараб турган ҳолларида уларни қаттиқ овоз тутди.
Бас, улар ўринларидан туролмадилар ва ёрдам ҳам ололмадилар.
Ва бундан аввал Нуҳ қавмини ҳам (ҳалок этганмиз). Албатта, улар фосиқ қавм эдилар.
Осмонни Ўз қудратимиз ила бино қилдик. Албатта, Биз кенг қилувчимиз.
Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрловчимиз!
Ва Биз ҳар бир нарсани жуфт яратдик. Шоядки эсласангиз.
Бас, фақат Аллоҳгагина қочинг. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман. (Одатда инсон хавфу хатардан, бало-офатдан қочади. Бу оятда тилга олинган хавф-хатар - динсизлик, ғафлат ва осийликдир, ундан қочиш гуноҳ ва ҳаром ишларни тарк этиб, Аллоҳга илтижо этиш билан бўлади. Аллоҳга қочишда инсон учун улуғ саодат ва мартаба бордир.)
Ва Аллоҳга бошқа маъбудни шерик қилманглар. Албатта, мен сизларга Ундан (келган) очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман.
Худди шундай, булардан аввалгиларга ҳам ҳар бир Пайғамбар келган вақт, уни, сеҳргар ёки мажнун, деганлар.
Келишиб олганмилар?! Йўқ, улар туғёнга кетган қавмлардир!
Улардан юз ўгир. Бас, сен маломатга қолувчи эмассан. (Пайғамбарнинг вазифаси Аллоҳнинг амрини етказиш. У зот бу ишни ўз ўрнида адо этдилар. Мушриклар гапга кирмадилар, Пайғамбар алайҳиссалом улардан юз ўгирсалар, у зотга маломат йўқ.)
Ва эслатгин. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур.
Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим.
Мен улардан ризқ хоҳламасман ва Мени тоамлантиришларини ҳам хоҳламасман.
Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир. (Демак, Аллоҳ таоло инсу жиндан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқ беради. Аллоҳнинг бирдан-бир ирода қилгани ибодатдир, инсу жинни яратишдан мақсад ҳам шудир. Лекин ибодатдан кимга фойда бор? Ибодат қилувчининг ўзига. Унга икки дунёнинг бахтини ибодат беради.)
Албатта, зулм қилганларга ўз биродарлари азобичалик азоб бор, шошилмасинлар.
Кофирларга ваъда қилинаётган кунларида ҳалокат бўлсин.